Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётини ўтказган бемордан ортиқча тўлов ундирилганидан шикоят қилинган хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази аҳолига ушбу йўналишда тиббий хизмат кўрсатувчи етакчи муассаса ҳисобланиб, бугунги кунда бу ерда 200 нафардан зиёд ходим фаолият юритади.
Клиниканинг амбулатория бўлимида йилига 61 мингдан зиёд тиббий маслаҳатлар, стационар бўлимда 20 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётлари бажарилади.
Бугунги кунда марказда Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари ўртасида тасдиқланган нархлар жадвалига мувофиқ нақд пул тушумлари, жумладан, операция учун тўловлар касса орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, муассасада имтиёзли беморлар учун давлат тиббий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бепул даволаниш йўлга қўйилган.
Муассасада бемор шифохонадан чиқишидан аввал кўрсатилган тиббий хизмат нархининг якуний ҳисоб-китоби (барча дори-дармонлар, сарфланадиган материаллар, озиқ-овқат, ётоқ куни ва бошқалар) амалга оширилади.
Бироқ бу ҳар доим ҳам олдиндан бажарилган тўлов миқдорига тўғри келмаслиги мумкин. Агар якуний харажатлар миқдори аввалдан қилинган тўловдан ортиқ бўлса, бемор қўшимча тўловни амалга оширади ва унга нақд пул тўлаганлиги ҳақида квитанция берилади. Аксинча, миқдор кам бўлса, марказнинг бухгалтерия бўлими беморга тўлов фарқини қайтариб беради.
Шу сабабли ушбу мурожаат эгасига марказ маъмурияти билан боғланишларини сўраймиз.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази