Республика кўз микрохирургияси марказига йил бошидан буён 500 нафарга яқин чет эллик бемор мурожаат қилди
❗️Республика кўз микрохирургияси марказига йил бошидан буён 500 нафарга яқин чет эллик бемор мурожаат қилди
✅ Ихтисослашган офтальмологик хизматнинг халққа янада яқинлашиши – сўнгги йилларда Ўзбекистон тиббиётида эришилган катта ютуқлардан бири.
📌 Хусусан, хавфли кўз касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш, юқори технологик муолажа усулларини амалиётга жорий этиш борасида сезиларли натижалар қўлга киритилмоқда.
➡️ Бунинг самараси ўлароқ, кўплаб ноёб операцияларни нафақат пойтахт, балки юртимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам муваффақиятли бажариш имкони яратиляпти.
🏥 Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда ана шундай мураккаб амалиётларни ўтказиш борасида етакчи муассаса ҳисобланади.
💬 — Бугунги кунда замонавий офтальмология ва кўз микрохирургияси соҳаси шу қадар ривожланиб бормоқдаки, илгари даволаш мушкул бўлган кўпгина касалликларни бутунлай бартараф этишга эришяпмиз, — дейди марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Юсупов.
🔬 — Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида клиникамизда қайталанган глаукомада коллаген биоинерт дренаж билан ушбу хасталикка қарши жарроҳлик амалиёти, кўзнинг торик сунъий гавҳари (ИОЛ) дислокациясида уни склерага тикиш ва тўр парда касалликларида эпиретинал мембранани витрэктомия амалиётисиз олиш каби ноёб операцияларни илк бор йўлга қўйдик.
📈 Натижада йил бошидан муассасада жами 3430 та операция бажарилиб, шундан юқори технологик амалиётлар сони қарийб 1915 тани ташкил этди. Шунингдек, шу йил январь-март ойларида муассасада 5 та янги диганостика ва даволаш усули амалиётга татбиқ этилиб, улар сони қарийб 300 тага етди.
📍 Қолаверса, муассасанинг ҳудудий филиалларида 2025 йилнинг ўтган даврида жами 11 та янги даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилди. Хусусан, Бухоро вилоятида оптик биометрия ва мейбография текшируви, Жиззах ва Навоий вилоятларида оптик когерент томографияси (OCT) жорий этилди.
✅ Андижон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида интравитреал дори воситалари юбориш, Жиззахда миопия ҳамда диабетик ретинопатия касалликларида тўр парда тўлиқ лазер коагуляцияси, Навоийда гавҳар мураккаб касалликлари ва аномалияларида интракапсуляр ҳалқа қўйиш, ИОЛни склерага тикиш сингари ноёб амалиётлар бажарилмоқда.
🩺 Наманган вилоятида эса эвисцерация жарроҳлигида “орбитал имплант” ва Қашқадарё вилоятида юқори даражали миопияда катаракта факоэмулсификацияси ИОЛ имплантацияси, иккиламчи катарактада лазеркапсулотомия, мураккаб кўз касалликларида лазериридотомия жарроҳлик операциялари ўтказиляпти.
🟣 Бундан ташқари, чекка ҳудудларда яшовчи қандли диабет билан касалланган 500 нафар беморда сунъий интеллект ёрдамида диабетик ретинопатия скрининги ва мониторинги самарадорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу орқали тиббий ходимлар юкламасини камайтириш, скрининг учун сарфланадиган вақтни қисқартиришга эришилади.
➡️ Муассаса маслаҳат-диагностика поликлиникаси кунлик 500 қатновга мўлжалланган бўлиб, барча кўз касалликларини ташхислаш ва даволаш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
🌐 Марказда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, йил бошидан бери марказга 13 та давлатдан қарийб 500 нафар бемор мурожаат қилиб, уларнинг 92 нафарида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
🎚 Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш ҳамда уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида клиникада янги стационар бўлим ташкил этилди.
‼️ Шунингдек, хорижий давлат фуқаролари учун яшил йўлак тизими ва кузатув гуруҳлари йўлга қўйилди. Бу эса тиббий туризимни янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.